Устоз актёрлар

ҲУСАН ШАРИПОВ

ҲУСАН ШАРИПОВ

                                                                           ҲУСАН ШАРИПОВ 

                                                                  ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ АРТИСТИ 

                                                                                   (1937-2018) 

Таниқли санъаткор, истеъдодли актёр, комик роллар устаси Ҳусан Шарипов 1937 йилнинг 27 июлида Тошкентда таваллуд топган. 1963 йили Тошкент давлат театр ва  рассом санъати институтини тамомлаган. 1959-1991 йилларда Муқимий театри актёри, 1986 - 1987 йилларда мазкур театр директори бўлиб ишлаган. Театрда ижро этган Бой (“Муқимий”), Тошболта (“Тошболта ошиқ”), Қодир (“Мангулик”), Абдусамад, Хушмамат (“Ватан ишқи”), Асатулло (“Сув келтирган азиз”),  Пўлат (“Хотинимнинг эри”), Тожибой (“Ўжарлар”), Хасан (“Жон қизлар”), Акоп “Хонума хоним”, Ҳусниддин (“Лақма”), Абдулла (“Ака-ука совчилар”) каби турли характерли қаҳрамонлари орқали томошабинларга кенг танилган. Актёр табиатан халқчиллиги, бой фантазияси, имконияти кенглиги, ижро санъати ва маҳорати комик йўналишдаги ролларга мойиллиги, ҳар бир қаҳрамони самимийлиги билан ажралиб туради. Ҳусан  Шарипов  80-йиллардан бошлаб  “Ўзбекфильм” киностудиясида суратга олинган бадиий фильмларда асосий ролларни ижро этди. Унинг “Водиллик келин”, “Майсаранинг иши”, “Суюнчи”, “Бомба”, “Тангалик болалар”, “Келинлар қўзғолони”, “Чинор остидаги дуэль” фильмларида яратган бетакрор образлари ўзбек киноси хазинасининг бебаҳо мулкига айланиб қолди. Ҳ.Шарипов 1980-1985 йилларда Тошкент театр ва рассомлик санъати институтида актёрлик маҳоратидан дарс бериб, кўплаб шогирдлар етиштирди. 1984-1994 йилларда “Кар-гунглар жамияти”да фаолият олиб бориб, жисмоний имконияти чекланган кишилар кўнглига йўл топди. Улар орасидаги иқтидорлилар иштирокида бир неча спектакллар саҳналаштирди. 

Ҳусан Шарипов маҳоратли кулги ва сўз устаси сифатида ҳам халқимиз қалбидан чуқур  жой олган. Унинг  “Телевизион миниатюралар театри”да олиб борган ижодий фаолияти диққатга молик. Мазкур жамоада кулги дарғалари  Эргаш Каримов, Роза Каримова, Ҳасан Йўлдошев, Садир Зиёвуддинов, Ортиқ Юсупов, Абдураҳмон Акбаровлар билан биргаликда халқимизга кулги, табассум улашди. Актëрнинг айниқса  1971 йилда Шавкат Жунайдуллаев суратга олган “Учрашув” комедиясида ижро этган роли  бир кунда машҳур бўлиб, айни фильмда “Тошкент пиëласи”¸ “Паркент мураббоси” дея айтган жумлалари халқ орасида мақолу маталга айланиб кетган эди.

У телевидение билан ижодий муносабатини узвий давом эттириб, саксон ёшида “Жиблажибон” юмористик сериалида ижро роль этди.Афсуски бу унинг энг сўнгги ролларидан бири бўлиб қолди.

Ҳусан Шарипов Ўзбекистон халқ артисти (1991),  “Меҳнат шуҳрати” ордени (1999) соҳибидир.