Устоз актёрлар

ФАРОҒАТ РАҲМАТОВА

ФАРОҒАТ РАҲМАТОВА

ФАРОҒАТ РАҲМАТОВА

ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ АРТИСТИ

(1926-2014) 

Муқимий театрининг устоз санъаткорларидан бири Фароғат Раҳматова 25 май 1926 йилда  Қарши шаҳрида туғилган.У саҳнага жуда эрта, ёш қизалоқлик чоғидан кириб келган. 1942 йилда Қашқадарё вилояти пахтакорлари улкан хирмон уйиб, тантана қиладилар ва шу муносабат билан Қаршида Қурилтой ўтказилади. Мазкур тантаналарда пойтахтдан келган катта санъаткорлар қатори эндигина 16 ёшга тўлган қизалоқ Фароғатга ҳам навбат берилади. Кутилмаганда ёш қизнинг болаларга хос бўлмаган овоз билан мақом йўлидаги халқ қўшиқларидан бирини ижро этиши кўпчиликни бепарво қўймайди. Ёш қизалоқ  Ўзбекистон халқ артистлари Ҳалима Носирова,  Муҳиддин Қори Ёқубов, қолаверса, ўша даврдаги ҳукумат раҳбари Усмон Юсупов назарига тушади.  Ҳукумат раҳбари бу ёш иқтидорни пойтахтга юбориш лозимлиги ҳақида шахсан ўзи кўрсатма беради.  Фароғат пойтахтга келаркан, иш фаолиятини Янгийўл театрида бошлади. Мусиқали драма тараққиётига хизмат қилган устозлар қўлида камол топди. Юнус Ражабий, Тўхтасин Жалилов, Етим Бобожонов, Музаффар Муҳаммедов, Зуҳур Қобулов, Лутфихоним Саримсоқовалардан санъат сир-асрорларини ўрганиб, мусиқали драма ўзбек миллий маданиятининг узвий қисмига айланиб  кетишига хисса қўшди.

     1943 йилда Янгийўл театрининг бир гуруҳ актёрлари қатори Фароғат Раҳматова ҳам Муқимий театрига жалб этилади. Унинг шундан кейинги фаолияти мазкур театр билан узвий боғланиб кетган. Ўз фаолияти билан Муқимий номли мусиқали театрривожига муносиб ҳисса қўшган бетакрор санъаткор то умрининг охиригача ана шу даргоҳда ижод қилди. Театрда 40-60 йилларда Фароғат Раҳматова яратган Офтобхон (“Офтобхон”), Зуҳра (“Тоҳир ва Зуҳра”), Зулхумор (“Равшан ва Зулхумор”), Ширин (“Фарҳод ва Ширин”), Нурхон (“Нурхон”), Сарви (“Олтин кўл”), Амал (“Гули сиёҳ”), Дарижон (“Уч баҳодир”),70-80 йиллардаги  Зуҳра (“Зуҳранинг мактублари”), Нишона (“Ўғил уйлантириш”), Гулсум, Нодира (“Ажаб савдолар”), Ҳаётхон (“Фарғона ҳикояси”), энага (“Гул ва Наврўз”), сўнгги йиллардаги Момо (“Тақдир”),  Зубайда (“Девона”) каби бетакрор образлари мусиқали драма жанрини ўзлаштиришда улкан аҳамият касб этиб, санъаткорнинг услубий ўзига хослиги, жозибаси, бадиий яхлитлиги билан кенг эътироф этилди. Унинг қаҳрамонлари ҳаётийлиги, самимияти ва  мукаммал ижроси билан мухлислар қалбини забт этди.

Фароғат Раҳматова бетакрор, жарангдор овозга эга хонанда эди. Унинг ижросидаги  “Дугоҳ”, “Сояйи”, “Эҳтиёж”, “Гўзал”, “Унутма”, “Диёримсан”, “Шифокорлар”, “Салом келибди”, “Куйгай”, “Айлаб келинг”, “Онажон, сизга минг раҳмат”, “Интизор” каби мумтоз, халқ оҳангидаги ва замонавий қўшиқлар санъат мухлисларининг қалбидан чуқур жой олган. Маҳоратли санъаткор узоқ йиллар мобайнида  Тошкент театр ва рассомлик санъати институтида мақом хонандачилигидан дарс берган.Муқимий театрини ўз уйи деб биларди, муҳтарама санъаткоримиз. Шу боис ҳам унинг бутун ижодий фаолияти мазкур театрга боғланиб кетган. Ушбу театрда 80 ёшигача бош маслаҳатчи лавозимида ишлаб, устозлик қилди, кўплаб ёш иқтидор соҳибларининг оёққа туришида ёрдам берган.Фароғат Раҳматованинг ижодий фаолияти республика раҳбарияти томонидан муносиб баҳоланган. Ҳали  27 ёшга тўлмасданоқ, унга Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист унвони берилган (1953 й.), орадан 6 йил ўтгач, 1959 йил Ўзбекистон халқ артисти унвони билан тақдирланган. Ўзбекистон мустақиллиги йилларида, 1996  йил у “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотланган.

2016 йил Фароғат Раҳматованинг 90 йиллиги театр жамоаси томонидан кенг нишонланди.