Устоз актёрлар

Ҳамза Умаров

Ҳамза Умаров

         Ўзбек театр ва киносанъатининг забардаст намоёндаларидан бири Ўзбекистон халқ артисти Ҳамза Умаровдир. У 1925 йил Қўқонда туғилиб, 1951 йилда Тошкент театр ва рассомлик санъати институтини битиради. Ҳали институтни битирмасданоқ 1950 йилда Муқимий номидаги ўзбек давлат мусиқали театрида актёр сифатида иш бошлаган. У театрда саҳналаштирилган “Нурхон” мусиқали драмасида Ҳузурхўжа, “Ғазал фожеаси”да Исфандиёрхон, Шекспирнинг “Ўн иккинчи кеча” комедиясида Масхарабоз ва бошқа ўнлаб спектаклларда ёрқин роллар ижро этган бўлса, “Ўзбекфильм” киностудиясида суратга олинган “Қутлуғ қон”да Салимбойвачча, “Маҳаллада дув-дув гап”да Умар, “Ўтган кунлар”да Ҳомид, “Шум бола”да Султон киссавур, “Учрашувлар ва айрилиқлар”да Ҳофиз ва бошқа ўнлаб ролларни ўйнаган.

         У серқирра ижод соҳиби эди.Режиссура ва драматургия билан ҳам шуғулланган. Айниқса, Дубляж соҳасидаги маҳорати олтин ҳарфлар билан битилгуликдир.