





Жорий йилнинг 15 июнь куни пойтахтимиздаги Олимпия шаҳарчасида Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан “Аёллар спорт олимпиадаси”нинг республика босқичи доирасида “Беш минг қадам” юриш марафони бўлиб ўтди.
Хотин-қизлар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, спортга бўлган қизиқишни рағбатлантириш ҳамда уларнинг жамият ҳаётидаги фаоллигини янада кучайтириш мақсадида ташкил этилган мазкур тадбирда турли вазирлик ва идоралар, давлат ҳамда жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этдилар.
Қувноқ ва кўтаринки руҳда ўтган марафонда Маданият вазирлиги тизими ташкилотлари қаторида Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат академик мусиқали театри Хотин-қизлар кенгаши вакили ҳам фаол иштирок этиб, соғлом ҳаёт тарзи ва жисмоний фаолликни тарғиб қилишга қаратилган ташаббусни қўллаб-қувватлади.
Тадбир давомида иштирокчилар учун турли хил машқлар ташкил этилиб, соғлом турмуш тарзи, спорт ва фаол ҳаётнинг аҳамияти ҳақида тарғибот ишлари олиб борилди. Марафон иштирокчиларга нафақат жисмоний фаоллик, балки ўзаро мулоқот, бирдамлик ва яхши кайфият улашди.
