





Куни кеча Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат академик мусиқали театрида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, театр ва кино санъатининг фидойи намояндаларидан бири — Турғун Бекназаров таваллудининг 70 йиллигига бағишланган ижодий кеча бўлиб ўтди.
Қутлуғ сана муносабати билан ташкил этилган тадбирда пойтахтимиз театрлари жамоалари, кино санъати вакиллари, Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамда Маънавият тарғиботчилар жамияти фаоллари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Театр арбоблари уюшмаси, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги вакиллари, санъат аҳли ва мухлислар иштирок этдилар.
Кечада сўзга чиққанлар Турғун Бекназаровнинг қарийб ярим асрдан зиёд ижодий фаолияти, миллий театр санъати ривожига қўшган муносиб ҳиссаси ва ёш авлод тарбиясидаги ўрни ҳақида илиқ фикрлар билдирдилар. Санъаткорнинг саҳнада яратган образлари, кино ва театрдаги сермаҳсул меҳнати алоҳида эътироф этилди.