Устоз актёрлар

Маҳмуджон Ғафуров

Маҳмуджон Ғафуров

Маҳмуджон Ғафуров 1917 йили Тошкент шаҳрида туғилган. Лоҳутий номидаги театр техникумида ўқиш билан бирга 1935-40 йилларда Ўзбекистон радиосида хор артисти сифатида хизмат қилади. 1939 йилдан Муқимий театрига ишга таклиф қилинади. 1941 йилда саҳналаштирилган “Тоҳир ва Зуҳра” мусиқали драмасида дастлаб Қодир, бир оз вақтдан сўнг Тоҳир ролини ижро этиб элга танилди. “Нурхон”да Ҳайдар, “Қурбон Умаров”да Қурбон Умаров, “Қасос”да Элёр, “Совға”да Баҳром ролларини маҳорат билан ижро этди. Буюк санъаткор Ҳалима Носирова  бундай хотирлайди: “У Тоҳирни биринчи бўлиб ўйнамади, “ман-ман” деган ижрочилардан кейин, учинчи бўлиб ўйнади. Халқ Тоҳир деб Маҳмуджонни таниди. Маҳмуджон бақувват овоз бор ашулачигана эмас, мактаб кўрган актёр, артист, саҳнага ярашадиган ўктам йигит, саҳна учун туғилган, халқнинг бахти эди.” Бундан сўнг “Фарҳод ва Ширин”да Фарҳод, “Алпомиш”да Алпомиш, “Равшан ва Зулхумор”да Равшан,  “Нурхон”да Ҳайдар, сингари бош ролларни ижро этди.

          У 1951-53 йилларда Алишер Навоий номидаги опера ва балет театрининг таклифига биноан саҳналаштирилган қуйидаги опералар - “Лайли ва Мажнун”да Қайс, “Фарҳод ва Ширин”да Ширин, “Гулсара”да Қодир, “Тоҳир ва Зуҳра”да Тоҳир партияларини маҳорат билан ижро этди.

          1953 йилда яна Муқимий театрига қайтиб, умрининг охиригача саҳнани  нондай эъзозлаб ижод қилди. “Аваз Ўтар”да Аваз, “Паранжи сирлари”да Рустам, “Олтинкўл”да Турсунали, “Ватан ишқи”да Субҳонқул, “Қизбулоқ”да Шайхулислом, “Ҳалима”да Неъмат ва бошқа ролларни маҳорат билан ижро этди. М.Ғафуровга  33 ёшида “Ўзбекистон халқ артисти” унвони берилган.